Иқтисодиётни рақамлаштириш доирасида таълим ва илм-фан соҳаларига IT-технологияларини кенг жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жиҳатдан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясининг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланган профессор, катта илмий ходим ва доцент илмий унвонларида тасдиқлашга оид аттестация жараёнини рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Амалга оширилган дастурий-техник ва илмий-ташкилий чора-тадбирлар натижасида “Илмий унвонлар комплекс-таҳлилий ахборот тизими” ишлаб чиқилиб, 2021 йилдан бошлаб амалиётга жорий этилди. Мазкур тизим илмий унвонлар бўйича аттестация иши ҳужжатларини қабул қилишдан бошлаб, уларни меъёрий-техник ва илмий экспертизадан (масофавий тарзда) ўтказиш каби барча жараёнларни электрон шаклда ташкил этиш имконига эга.
“Илмий унвонлар комплекс-таҳлилий ахборот тизими”ни амалиётга жорий қилиш натижасида 2021 йил якуни бўйича қуйидаги натижаларга эришилди:
илмий унвонлар бўйича аттестация ишларини рўйхатга олишга сарфланадиган вақт 100 фоизга ва қоғоз сарфи 100 фоизга қисқартирилди, вилоятларда жойлашган олий таълим ва илмий ташкилотлардан келиб-кетиш учун хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар кескин иқтисод қилинди;
барча аттестация ҳужжатларини меъёрий-техник ва илмий экспертизадан электрон тарзда ўтказилиши ташкил этилди;
илмий унвонларда тасдиқланган мутахассислар тўғрисидаги доимий ўсиб борувчи маълумотлар базасидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар фойдаланиши имконинини яратиш мақсадида ахборот тизими “Давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот-таҳлил тизими” дастурий-аппарат комплексига интеграция қилинди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шароитида самарали илмий-педагогик фаолиятни қўллаб-қувватлаш, илмий-педагогик соҳада халқаро интеграцияни ривожлантириш ва жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида ёшларимиз таълими мотивациясини рағбатлантириш мақсадида тегишли директив ҳужжатларга кўра:
халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида тўғридан-тўғри тан олиниш амалиёти йўлга қўйилди;
Тошкент давлат педагогика университетига мунтазам илмий-педагогик фаолият билан машғул бўлган, юқори малакали, тегишли соҳада чуқур касбий билим ва ютуқларга эришган ходимларга педагогика ва ўқитиш методикаси ихтисосликлари бўйича доцент ва профессор илмий унвонлари бериш ҳуқуқи берилди.
Аттестация жараёнига IT-технологияларини кенг жорий қилиш борасида профессор, катта илмий ходим ва доцент илмий унвонларида тасдиқланган шахсларга аттестатларни электрон шаклда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда тезкор тақдим этиш йўналишда тегишли дастурий-ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда. Аттестатлар электрон шаклини тезкор равишда илмий унвонларда тасдиқланган шахсларга тақдим этиш жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
IT-технологияларни кенг жорий қилиш асосида профессор, катта илмий ходим ва доцент илмий унвонларида тасдиқлашга оид аттестация жараёнини рақамлаштириш борасидаги чора-тадбирлар бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
ОАК Ахборот хизмати