Дусматова Дилноза Эргашбоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Inula britannica, Inula grandis ва Tanacetopsis karataviensis ўсимликлари терпеноидлари», 02.00.10 – Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/K347.
Илмий раҳбар: Мухаматханова Римма Фаилевна, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўсимлик моддалари кимёси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўсимлик моддалари кимёси институти, DSc.02/30.01.2020.К/Т.104.01.
Расмий оппонентлар: Бобоев Бахром Нуриллаевич, кимё фaнлaри доктори; Рахманбердиева Рано Каримовна, кимё фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент фармацевтика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда ўсувчи Inula britannica, Inula grandis ва Tanacetopsis karataviensis ўсимликларининг терпеноидларини тадқиқ қилиш, уларнинг кимёвий тузилишини ва биологик фаоллигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Inula britannica,  Inula grandis ва Tanacetopsis karataviensis  ўсимлик турларидан 12 та сесквитерпен лактонлар ажратиб олинган, улардан 8 та лактон ушбу ўсимликлардан биринчи марта ажратиб олинган, уларнинг 5 таси илгари адабиётларда маълум бўлмаган янги лактонлар: инулонолид (Inula britannica), 3,4β,1,10β-диепокси-гвай-11(13)-ен-6,12-олид, каратанолид, 11,13α-дигидрокаратанолид, 11,13б-дигидрокаратанолид (Tanacetopsis karataviensis) бўлиб, уларнинг тузилиши спектрал ва рентген тузилиш таҳлили усуллари билан тасдиқланган; 
хроматомасс-спектрал таҳлили ёрдамида Inula grandisнинг ер устки қисмининг гексанли экстракти таркибида 15 та бирикма, улардан 13 таси биринчи марта, 2 таси монотерпеноидларга, 11 таси сесквитерпеноидларга, 2 таси миқдорий жиҳатдан устунлик қиладиган маълум сесквитерпен лактонлар игалан ва алантолактон эканлиги аниқланган;
Inula britannica L. гулларидан ажратилган олдин адабиётларда маълум бўлган сесквитерпен лактонлар британин ва инучиненолид C учун миқдорий аниқлаш усули таклиф этилган;
илк бор РТТ усули ёрдамида игалан, инулонолид, 3,4β,1,10β-диэпокси-гвай-11(13)-ен-6,12-олид, каратанолид, 11,13α-дигидрокаратанолид, 11,13β-дигидрокаратанолид сесквитерпен лактонларнинг фазовий тузилиши тасдиқланган; 
биринчи марта ўсимлик объектларида гваянолидларнинг C7-C10 етти аъзоли ҳалқа қисмининг конформациясига таъсир қилувчи каратанолид ва 11,13β-дигидрокаратанолид кристалларининг C9 фазодаги ҳолатида фазовий конформерлари борлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Inula britannica, Inula grandis, Tanacetopsis karataviensis ўсимликлари терпеноидларини тадқиқ қилиш бўйича олинган натижалар асосида:
ажратиб олинган олтита игалан, инулонолид, 3,4β,1,10β-диэпокси-гвай-11(13)-ен-6,12-олид, каратанолид, 11,13α-дигидрокаратанолид, 11,13β- дигидрокаратанолид сесквитерпен лактонларнинг рентген тузилиш маълумотлари  Кембридж халқаро тузилиш маълумотлар базасида (The Cambridge Structural Database, https://www.ccdc.cam. ac.uk/structures/) рўйхатга олинган ва CCDC: QOVYEI, EHOQEQ, UMATAG, UMATEK, UMATEK01, UMATIO, UZOHUO01 хос рақамлари берилган. Натижада, базага киритилган ўхшаш моддаларнинг фазовий тузилишларини ва электрон дастурларни қўллаган ҳолда потенциал фармакологик фаоллигини аниқлаш имконини берган;
тадқиқот иши маълумотлари “Ўзбекистон флораси ўсимликлари терпеноидлари ва фенол бирикмалари кимёси” лойиҳасида фойдаланилган (2012-2016 йй.) (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 21 декабрдаги 4/1255-2906 сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига иккита патентга талабнома топшириш ва  Inula L. туркумидаги ўсимликларнинг терпеноидлари учун “тузилиш-фаоллик” қонуниятини ўрганиш имконини берган; 
асосий илмий натижалардан Россия Федерациясининг Ханти-Мансийск Мухтор округи – Югра “Сургут Давлат университети” кимё кафедраси ўқув жараёнида курс ишлари ва диплом ишлари тайёрлашда фойдаланилган (2020 йил 22 декабрдаги 12-35-37/58-сон маълумотнома). Натижада, амалий машғулотларда тегишли мутахассислик талабаларининг билимларини ошириш имконини берган.

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш