Олий аттестация комиссияси томонидан 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида архитектура фанлари соҳасида 2 нафар талабгор фан доктори (DSc), 11 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланди.
Миллий матбуот марказида Олий аттестация комиссияси томонидан ўтказилган тадбирда шу ҳақда сўз юритилди.
Таъкидланганидек, илмий тадқиқотларнинг илмий натижаларига кўра, меъморчиликда тасвирий ва бадиий воситаларни қўллаш палеолит даврида ғор ва қоятош юзаларида қоятош суратлари, антик ва илк ўрта аср деворий рангтасвири, ўрта асрлар қўлёзма миниатюраси, меъморий-эпиграфик орнаментлар, турли замонавий бадиий воситалар каби сюжетли композициялар тузиш орқали юзага келган.
Илмий тадқиқотларда олинган илмий натижалар амалиётга жорий қилиниб, Самарқанддаги Ишратхона ёдгорлиги тарихини янгича интерпретацияси, Амир Темур мақбараси ҳақидаги янги маълумотлар, Шаҳрисабздаги Оқ саройнинг реконструкция чизмалари билан боғлиқ натижалар “Амир Темур энциклопедияси”ни тузиш ва нашрга тайёрлашда қўлланилган.
Эски шаҳар маҳаллаларини сақлаш, қайта тиклаш, улардан замонавий мақсадларда фойдаланиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш самарадорлигини ошириш учун тарихий турар жой уйларини сақлаш, қайта тиклаш ва модернизациялашнинг назарий асослари, шунингдек, маданий меърос объектларини таъмирлаш ва концервациялаш жараёнида гумбаз, равоқ ва бағал боғлаш ҳамда кошин безаклар тайёрлашда, обида томларини таъмирлашда “том усти хатаба” усули Маданий мерос объектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш департаменти фаолиятига жорий қилинган.
- Тарихий марказларни тиклаш ва реабилитация қилиш бўйича олинган натижалар Тошкент эски шаҳар қисмининг Зарқайнар ва Ҳақиқат кўчаларидаги «Ҳўжа Аҳрор Валий мажмуасини қайта тиклаш» лойиҳасида амалга оширилган ва бу тарихий ҳудудларда шаҳарсозлик муҳитини яратиб, туристик потенциалини очиб беришга хизмат қилган, –деди Олий аттестация комиссияси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиев. –
Хонақоҳларнинг тарихий ривожланиш босқичлари ва функциявий йўналишлари, шунингдек, кенг залли (миён саройли), пешайвонли хонақоҳлардан масжидлар сифатида фойдаланиш, зали унча катта бўлмаган ва зал атрофи ташқи айвонга эга бўлмаган хонақоҳларни зиёратгоҳларга айлантириш бўйича олинган натижалар Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари маданий мерос бошқармаларида «Ҳадис марказлари», халқ амалий санъати устахонаси ва асори-атиқалар музейини ташкил этишда фойдаланилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда таълимга бўлган эътибор туфайли йил сайин кенгайиб бораётган имкониятлардан архитектура соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар ҳам самарали фойдаланмоқда ва шунинг баробарида ўз илмий ютуқ ва натижалари билан юртимизда архитектура-қурилиш тизимининг ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Манба: https://uza.uz/