Фото: Ўзбекистон миллий гвардияси


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтида «Илм-фан тараққиёти – жамият ривожланишининг кафолати» мавзусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) раиси Юсупов Ахмадбек Таджиевич иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Суҳбатда Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтининг раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва 60 дан ортиқ мустақил изланувчилар иштирок этишди.

Очиқ мулоқот давомида ОАК раисига бир қатор савол берилиб, уларга берилган атрофлича жавоблар тингланди, ўртага ташланган муаммоли масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ю.ф.д., профессор М.Б.Усмонов томонидан илмий унвонларни олиш учун қўйилган талаблардан бири мувофиқ келувчи лавозим масаласи эканлиги, баъзи ҳолларда илм-фанда кўплаб, йирик ютуқларга эришган мутахассислар иш жойидаги лавозим тақозоси билан илмий унвонлар олишда қийналаётганликлари, ушбу муаммони ечишда ОАК қандай ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисида савол берилди. Ушбу саволга жавобан, ОАК раиси ҳозирги кунда мавжуд низомларга ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрлангани, жумладан уларга кўра илмий унвонлар бериш талабларидан лавозим ва муддатга қўйиладиган талабларни чиқариш таклифи асосланганлиги ҳақида айтиб ўтди.

Шунингдек, Ҳарбий-техник институт бошлиғининг ўринбосари, ю.ф.д. М.М.Миракулов мавжуд талабларга кўра, фан доктори (DSc) 3 нафар изланувчига, «доцент» илмий унвонига эга фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) бир нафар изланувчига илмий раҳбарликка бириктирилиши мумкинлиги белгиланганлиги, ваҳоланки, юртимизда илмий даражалар олиш учун илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган мутахассислар миқдорининг кескин ошаётганлиги сабабли, илмий раҳбар ҳамда илмий маслаҳатчилар етишмовчилиги вужудга келганлиги, бу борада ОАК қандай ечим таклиф қилиши мумкинлиги ҳақида савол берди. Ўз ўрнида А.Т.Юсупов мазкур масала бўйича тайёрланган таклифлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

ОАК раиси илмий-тадқиқот фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий қилиш юзасидан, жумладан ОАК ва олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари кенгашлари, шунингдек, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ўртасидаги барча ёзишмалар ҳамда илмий унвонлар ва илмий даражаларда тасдиқлаш бўйича аттестация ишлари электрон ҳужжат айланиш тизими орқали қабул қилиниши бўйича тегишли дастурий ва илмий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилаётгани тўғрисида батафсил тушунтириш берди.

Манба: https://xabar.uz/

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш