Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан юртимизга расмий ташриф билан келган Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон 16 июль куни Самарқанд ва Бухорода бўлди.

Олий мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳамроҳлик қилди.

Покистон Бош вазири Самарқанд билан танишувни Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.

Қуръон тиловат қилиниб, буюк аллома ёд этилди.

Ислом оламида муҳаддислар султони, деб эъзозланадиган Имом Бухорий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, бу зот номи билан боғлиқ масканни обод этиш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берилди.

Имрон Хон Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Мирзо Улуғбек музейи ва расадхонасини бориб кўрди.

Олий мартабали меҳмонга мазкур обидаларнинг бунёд этилиш тарихи, буюк жаҳонгир Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик анъаналари, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида амалга оширган ишлари ҳақида маълумот берилди.

Регистон майдонидаги Тиллакори мадрасасида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, бу ишни давом эттириб келаётган уста-ҳунармандларнинг иши Имрон Хонда катта таассурот қолдирди.

Покистон Бош вазири ёшлигидан Самарқанд ва Бухорони кўришни орзу қилгани, Амир Темурнинг бунёдкорлик ишларини катта қизиқиш билан ўрганганини алоҳида қайд этди.

– Самарқанд ҳақида, Амир Темур ва темурийлар давлати, уларнинг бунёдкорлик ишлари ҳақида китобларда ўқиганим учун бироз тасаввурга эга эдим. Бугун келиб кўрдимки, Самарқанд мен ўйлаганимдан ҳам тарихий, гўзал ва муқаддас шаҳар экан. Унинг ҳар бир гўшасида тарихнинг, буюк аждодларингиз ақлу заковати, маданиятининг изи бор. Ўзбекистонга ташрифим ана шундай унутилмас таассуротларга бой бўлаётганидан хурсандман. Биз Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга интиляпмиз ва бу бошланиши. Келгусида  алоқаларимиз кенг кўламда, изчил давом этишига ишонаман, – деди Имрон Хон.

*         *         *

Маълумки, Покистонда Ўзбекистонни, унинг жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган буюк мутафаккирлари, хусусан, Нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбандни яхши билишади. Шу боис ҳар бир покистонлик Бухоронинг муқаддас жойларини кўришни орзу қилади.

Покистон Бош вазири Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.

Меҳмонлар мажмуада олиб борилган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди.

Имрон Хон Бухоро шаҳридаги Пойи Калон мажмуасида бўлди.

Калон минораси ва масжиди XII ва XVI асрлар оралиғида бунёд этилган. Бу обидалар Мир Араб мадрасаси билан уйғунлашиб, гўзал ансамбль ҳосил қилган. Уларнинг меъморий ечими аждодларимиз маданияти ва санъатининг яққол ифодаси сифатида бугун ҳам барчани ҳайратга солиб келмоқда.

Меҳмонлар Мир Араб мадрасаси билан танишди. Шунингдек, мамлакатимиздаги энг қадимий ва йирик жоме масжидларидан бири бўлган Масжиди Калонни зиёрат қилди.

Олий мартабали меҳмон Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида зардўзлик, заргарлик, гиламдўзлик, каштачилик, кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди, Лаби ҳовуз ва унинг атрофида жойлашган обидаларни томоша қилди.

Қадимий шаҳарнинг бетакрор қиёфаси, меъморий обидалари, халқимизнинг бебаҳо урф-одатлари Покистон делегациясида катта қизиқиш уйғотди.

Шу билан Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хоннинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунига етди.

Манба: https://uza.uz/

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш