Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни рақамли технологияларни жорий этиш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда ахборот технологиялари изчил ривожлантирилиб, аҳолига қулайликлар кенгайтирилмоқда. Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 253 хил хизматлар кўрсатилмоқда. Жорий йилда уларни яна 60 тага кўпайтириш, 50 дан ортиқ хизматларни соддалаштириш мўлжалланган.
Энг муҳими, бу ишлар сансалорлик, бюрократия ва коррупцияни камайтириб, вақт ва маблағларни тежаш, унумдорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги фармони билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланган эди. Ушбу стратегияга мувофиқ, 2020-2022 йилларда ҳудудлар ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш дастурлари амалга оширилмоқда. Жумладан, тармоқлар бўйича 443 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, бугунги кунгача 194 таси татбиқ этилди. Ҳудудларда дастурдаги 1 минг 643 та лойиҳадан 1 минг 172 таси жорий қилинди.
Мисол учун, “Ўзтрансгаз”да шартномаларни бошқариш бўйича ахборот тизими жорий этилгани натижасида харажатлар 30 миллиард сўмга қисқарган. Шунингдек, 360 турдаги давлат божларини Ягона электрон биллинг тизими орқали тўлаш йўлга қўйилгани ҳисобига 24 миллиард сўм маблағлар тежалган.
Умуман, жорий йилнинг биринчи ярмида рақамли иқтисодиёт соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 7 триллион 200 миллиард сўмни, компьютер дастурлаш хизматлари экспорти 17 миллион 500 минг долларни ташкил этган.
Лекин, бу соҳада ривожланишдан ортда қолаётган тармоқ ва ҳудудлар ҳам бор. Рақамлаштириш рейтинги 65 та ташкилот, 116 та туман ва шаҳарда ишлар суст ташкил этилганини кўрсатмоқда.
Тақдимотда давлатимиз раҳбари лойиҳаларни жадаллаштириш, ҳудудларда электрон хизматлар қамровини кенгайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
– Охирги йилларда қилинган ишлар, албатта, ўз натижасини берди, хизматлар қулай ва одамларга яқин бўлди. Лекин рақамли технологиялар кун сайин ўзгариб, янги-янги имкониятлар очилмоқда. Шунинг учун ҳар бир вазирлик, давлат органи ва ҳудудларда янги дастурларни жорий этиш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Рақамли иқтисодиёт хизматларини 16 триллион сўмга, компьютер дастурлари экспортини 40 миллион долларга етказиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Мобил илова орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини 100 тага етказиш, хусусан, коммунал соҳа, кадастр, солиқ, божхона, пенсия ва меҳнатга оид маълумотларни олишда қулайликларни ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларга вазир портали, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари порталларини шакллантириш, улардаги маълумотларни мунтазам таҳлил қиладиган тизим яратиш бўйича топшириқ берилди.
“Алоқабанк” акциядорлик тижорат банкига мижозлар учун барча хизматларни мужассамлаштирган ягона платформа яратиш, ахборот технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш вазифаси қўйилди.
Давлат ва хўжалик органлари ходимларининг рақамли технологиялар бўйича саводхонлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Манба: https://president.uz/