Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан “Биология фанлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси натижалари” мавзуида тадбир ташкил этилди.

Мамлакатимизда инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва уларни биологиянинг турли соҳаларида қўллаш орқали юқори самарали биотехнологик тадқиқотларни жаҳон талаблари асосида ривожлантириш ҳамда олинган илмий натижаларни қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, атроф-муҳит муҳофазаси ва шу кабиларга татбиқ этиш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.  

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги тўрт йил давомида мазкур фан йўналишида 254 нафар талабгор илмий даражаларда тасдиқланган. Жумладан, интродукция, генотехнологиянинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда ғўзанинг ингичка узун толали, ўрта тезпишар, юқори рентабелли навлари яратилган ва уларга Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтиро патентлари олинди. Бу ғўза ва буғдой навларининг ҳосилдорлигини ошириш ҳамда сифатли уруғлар олиш имконини яратмоқда.  

Молекуляр-генетик ёндашувлар асосида Ўзбекистоннинг қадимий маҳаллий юмшоқ буғдой навларининг миқдорий ва қимматли хўжалик белгиларига эга бўлган замбуруғларга, қурғоқчиликка чидамли бўлган навлари яратилган. Одам гепатит вируси юза антигени ва бошқа касалликларни, шунингдек, наркотик моддалар истеъмол қилувчи шахсларни аниқлаш учун тест-системалар ишлаб чиқилган. Молекуляр генетика асосида миелопролифератив касалликларни эрта ташхис қилиш ҳамда унинг гиперкоагуляция синдромининг асосий генлари аниқланиб, клиник амалиётга татбиқ этилгани эса таҳсинга лойиқ. 

– Шунингдек, Орол денгизининг қуриши ҳисобига флора ва фаунани, зоопланктоннинг ўзгариб бориши, инсон организмига салбий таъсири ва уларни тиклаш имкониятлари асосланди, – деди Олий аттестация комиссияси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиев. – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг маҳаллий бўлимлари ҳудудларнинг ўсимликлар қоплами инсон омили таъсирида ўзгариши, фауна турлар таркибига оид маълумотлар базаси амалиётга жорий қилиниши натижасида тупроқ макрофаунаси таркибининг ўзгаришини баҳолаш орқали уларнинг экологик омиллар ўзгарувчанлигини аниқлаш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси барқарорлигини сақлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган. 

Биология фанлари соҳасида фаолият олиб бораётган олим-мутахассислар ва тадқиқотчилар бундан буён ҳам мамлакатимизда янги замонавий биотехнология ва молекуляр генетика, биокимё, биофизика, фармакология, зоология, ботаника, экология ва бошқа соҳаларни жаҳон талаблари асосида ривожлантириш, илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишда фаол иштирок этишда давом этиши таъкидланди.  

Гулноза Бобоева, ЎзА

 

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш