Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2016 йил 31 мартдаги 223/11-сон қарорига 2-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) Одоб-ахлоқ комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

2. Комиссия ОАК ҳузурида тузиладиган коллегиал орган бўлиб, Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини кўриб чиқувчи орган ҳисобланади.

3. Комиссия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда мазкур Низом асосида амалга оширади.

II. Комиссиянинг асосий вазифалари ва ваколатлари

4. Комиссиянинг асосий вазифалари ва ваколатлари қуйидагилардан иборат:

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини кўриб чиқиш ва натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқариш;

қоидалар бузилишини содир этган ходимни жавобгарликка тортиш тўғрисида ОАК раиси кўриб чиқиши учун таклиф киритиш;

йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Комиссия ОАК ходимини Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш;

ходимларни Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши устидан назорат қилиш;

ходимлар томонидан хизмат мавқеини суистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

ходимлар томонидан қонунчилик талабларига риоя этишлари ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

ўз йиғилишида Одоб-ахлоқ қоидаларини бузилишига сабабчи бўлган ходимнинг тушунтиришларини кўриб чиқиш;

бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан маълумотлар олиш;

хизмат текширувларини ўтказиш;

қонунчиликка зид бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

III. Комиссия ишини ташкил қилиш

5. Комиссия таркиби Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсати қарори билан беш кишидан иборат таркибда беш йил муддатга тасдиқланади. Комиссия ОАК раиси, бош илмий котиб, таркибий бўлинма бошлиқлари ва юридик маслаҳатчилардан иборат таркибда шакллантирилади.

6. ОАК раиси одоб-ахлоқ комиссия раиси, бош илмий котиб раис ўринбосари ҳисобланади.

7. Комиссия иши мажлис шаклида ташкил этилади.

Комиссия мажлиси комиссия аъзоларининг барчаси иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Комиссия мажлиси раис, у бўлмаганда раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.

8. Комиссия ўз қарорларини мажлис иштирокчиларининг камида 3/2 қисмининг овози билан қабул қилади.

9. Комиссиянинг раиси, раис ўринбосари ва аъзолари ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.

10. Комиссия фаолиятига доир маълумотлар сир сақланади ва ошкор қилинишига йўл қўйилмайди.

11. Комиссия қабул қилган қарорлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Юклаб олиш: Odob-axloq-komissiyasi.pdf 

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш