2021 йил 11 апрелда Kun.uz интернет ресурсида Умиджон Aхунжонов томонидан эълон қилинган “Сифатсиз олимлар тайёрлашда давом этамизми? Илм соҳасида тузатилиши лозим бўлган жабҳалар ҳақида” номли мақолага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Олий аттестация комиссиясининг

МУНОСАБАТИ

Мамлакатимизда бугунги кунда янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида таълим ва илм-фан соҳаларини тубдан ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини жаҳон андозалари даражасида ташкил этиш, олимларни, айниқса, иқтидорли ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида салоҳиятли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада, жумладан, илмий тадқиқот ва инновациялар бўйича фаолиятни самарали ташкил этишга йўналтирилган 3 та қонун қабул қилингани, докторантурага қабул квоталари сезиларли даражада оширилгани, олий таълим муассасалари сони 69 тадан (2015) 132 тага етказилгани ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи камида 4 баробарга ортгани, жаҳон андозаларига мувофиқ ҳолда илмий лабораториялар барпо этилаётгани кабиларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
2021 йил 11 апрелда “Kun.uz” интернет ресурсида Умиджон Aхунжоновнинг “Сифатсиз олимлар тайёрлашда давом этамизми? Илм соҳасида тузатилиши лозим бўлган жабҳалар ҳақида” номли мақоласи эълон қилинди. Лекин, афсуски, мақолада олий малакали илмий кадрлар аттестациясига оид фикрлар асоссиз бўлиб, улар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу борада соҳада амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ва илмий жамоатчилик билан бамаслаҳат амалга оширилиши режалаштирилган ўзгаришлар эътиборга олинмаган.
Мақолада “сифатсиз олимлар” ва “биз гуманитар соҳада илм ва тадқиқот нималигини тушунмайдиган олимлар” деганда У.Aхунжонов кимларни кўзда тутаётганини ўзи учун аниқлаб олиши керак.
Умиджон Aхунжоновдан мақолада келтирилган “сифатсиз олимлар” рўйхатини ва уларнинг сифатсиз ишларига оид асословчи ҳужжатларни ОАКга тақдим этишини сўраймиз. Тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, асосли деб топилган тақдирда ўрнатилган тартибда “сифатсиз олимлар” илмий даражаларидан маҳрум этилади.
Мақоладаги олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид билдирилган фикрлар асоссиз бўлиб, улар қуйидагилар билан тавсифланади:
Биринчидан,
“Бизда Олий аттестация комиссияси (ОAК) деган ташкилот бор. Бу ташкилотда илмий ишлар мавзулари қуйидагича кўриб чиқилади: бўлажак илмий иш мавзусини тадқиқотчи ОАКга жўнатади, ОАК буни ўрганиб, тасдиқ ёки рад жавобини беради. Тадқиқотчи жавобни бир неча ой кутади...”.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
а) амалдаги тартиб-қоидага кўра, мавзулар аввал тегишли олий таълим (ОТМ) ва илмий-тадқиқот (ИТМ) муассасалари кенгаши қарори билан тасдиқланади, сўнг ОАКга тадқиқотчи томонидан эмас, ОТМ ёки ИТМ томонидан ўрнатилган тартибда электрон ҳужжат айланиш тизими орқали тақдим этилади;
б) мавзулар ОАК томонидан тасдиқланмайди, улар экспертизадан ўтказилмаган ҳолда рўйхатга олиниб (рақамланиб), фан тармоқлари бўйича тизимлаштирилади ва “ОАК Бюллетени”да эълон қилинади, холос;
в) тадқиқотчи жавобни 1 (бир) дақиқа ҳам кутмайди, чунки мавзу ОАКда рўйхатга олинмаган ва эълон қилинмаган бўлса ҳам, тадқиқотчи аттестация жараёнини давом эттириши, жумладан малакавий имтиҳонларни топшириши, диссертацияни муҳокамадан ўтказиши мумкин.

Маълумот учун: 2017 йилда ОАК томонидан қуйидаги қоида бекор қилинган: “Малакавий имтиҳонларни топшириш учун мавзулар ОАКда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак”.
Иккинчидан, “Ўзбекистондаги маҳаллий университетларнинг баъзиларидагина илмий кенгашлар мавжуд. Бу дегани илмий соҳада бутун республика олимлари бир-бирини деярли шахсан танийди, Ўзбекистонда илм «вакуум» ичида «ривожланмоқда»”.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Мамлакатимизда таълим ва фан соҳаларини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Жумладан, 01.02.2017 йил ҳолати бўйича 40 та илмий кенгаш мавжуд бўлган бўлса, талаб ва мавжуд илмий салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда 222 та илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Ҳудудларда жойлашган ОТМ илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва изланувчиларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида улар ҳузурида тузилган (01.02.2017 й.) 5 та илмий кенгаш 100 тага етказилди. Улар таркибига ҳалол ва ўз соҳасининг етакчи олим-мутахассислари киритилган. Бунга мисол тариқасида Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ҳузурида тузилган илмий кенгаш таркибини келтириш мумкин.
Учинчидан,
“Бизда илмий ишлар ҳимояси учун илмий иш натижаларининг амалий татбиқи бўйича илмий иш билан боғлиқ ташкилотдан тасдиқ сўралади.... Aниқки, мазкур бюрократик босқичда таниш-билишчилик қўл келади: «сиздан нима кетди – «амалиётга жорий этилди» деб қўл қўйиб юборинг, жавобгарлиги йўқ бунинг...». Хорижий университетларда эса тадқиқотлар асосан таянч тадқиқотлар бўлиб, асосан назариялар яратишга хизмат қилади, биздаги тадқиқотларга ўхшаб, қайсидир компания мисолида бозорга ёки амалий тадқиқотларга асосланмайди.”.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
а) амалдаги тартиб-қоидага кўра, амалий татбиқи бўйича тегишли ташкилотдан маълумотнома сўралади. Лекин мақолада кўрсатилган “«сиздан нима кетди – «амалиётга жорий этилди» деб қўл қўйиб юборинг, жавобгарлиги йўқ бунинг...»” деган фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.
У.Aхунжоновдан «шундай ишлар тўғрисида» асословчи ҳужжатларни ОАКга тақдим этишни сўраймиз. Тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, асосли деб топилган тақдирда ўрнатилган тартибда бундай «олимлар»  илмий даражаларидан маҳрум этилади.
б) хорижда ҳам биз каби амалий аҳамиятга молик тадқиқотлар, жумладан диссертацион тадқиқотлар амалга оширилади. Компаниялар ўз фаолияти рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида замонавий илмий лабораторияларга эга ёки илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўядилар. Хорижий компаниялар томонидан илмий изланишлар учун жуда катта маблағ сарф этилади.
в) бизда ҳам хориждаги каби назарий йўналишдаги тадқиқотлар, жумладан, диссертацион тадқиқотлар амалга оширилади. Назарий аҳамиятга молик диссертацияларда олинган илмий-назарий янгиликларга маълумотнома сўралмайди.
Тўртинчидан,
“ОAК илмий тадқиқотлар тизимида узоқ йиллар икки босқичли тизимни, яъни номзодлик ва докторлик тизимини (2010-йилларгача), кейин маълум муддатда якка босқичли DS тизимини ва сўнгги йилларда PhD ва DS тизимларини жорий этиб келмоқда. Қизиғи, ривожланган дунёда ягона PhD тизими мавжуд, холос.”.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Мантиқан олганда жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, ҳар қандай ижтимоий ёки иқтисодий ҳодисанинг тарихий ривожида миллий хусусиятлар, албатта, эътиборга олинади. Хорижий тажрибани айнан кўчириб олиш кутилаётган самарага эришиш имконини бермайди. Олий таълимдан кейинги таълим тизимида қуйидаги омилларга алоҳида эътибор қаратиш зарур: соҳанинг ўзига хос хусусиятлари; мақсадга эришишнинг тарихий шарт-шароитлари; ривожланиш даражаси ва уни босқичма-босқич жадаллик билан юксалтириб бориш.  
Мамлакатимизда олий таълимдан кейинги таълим тизимини ташкил қилиш стратегик тараққиётимиз мақсадлари ва илғор жаҳон амалиётига асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.
2013 йилнинг 1 январидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими (DSc) жорий қилиниши олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини умумқабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга яқинлаштиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур тизим 2013-2016 йилларда ўзини оқлаган ҳолда, 2017 йилдан мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашда, жумладан, қуйидагиларни эътиборга олиб, ушбу тизимнинг ўрнини қайта англаш зарурати пайдо бўлди: илмий кадрлар тайёрлаш жараёнини тобора жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш; иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш; ОТМ ва ИТМнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш; илмий салоҳиятдан республиканинг инновацион ривожланишида самарали фойдаланиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони асосида 2017 йил 1 июлдан бошлаб олий таълимдан кейинги таълимда икки поғонали тизимнинг жорий этилиши таълим ва фан интеграциясини самарали ташкил қилиш асосида мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этди. Олий таълимдан кейинги таълимнинг икки поғонали тизимини жорий қилган ҳолда, талабгорларни PhD ва DSc илмий даражаларида тасдиқлаш амалиёти  таълим ва фан интеграциясини таъминлаган ҳолда, аввало, қуйидаги мақсадларни амалга оширишга мустаҳкам пойдевор яратди:
а) мазкур тизим жамият тараққиёти ва табиат ҳодисаларининг эволюцион тарзда объектив ривожланишига монанд равишда кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар сифати ва натижадорлигини тубдан оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади;
б) иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб қилиш ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси асосида тадқиқотларни ташкил этиш илмий салоҳиятни мустаҳкамлашда ва олий малакали кадрлар селекциясини амалга оширишда муҳим восита сифатида алоҳида аҳамият касб этади;
в) олий таълимдан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими шароитидаги чеклашни бартараф этишга хизмат қилади;
г) салоҳиятли ва муайян тажрибага эга илмий даражали мутахассислар томонидан фан доктори (DSc) илмий даражаси бўйича тадқиқотларни амалга ошириш, ўз навбатида, мавжуд илмий мактаблар нуфузини янада ошириш, янги илмий мактабларни шакллантириш ва уларни ривожлантиришга хизмат қилади;
д) миллий хусусиятларимизни эътиборга олган ҳолда, ОТМ/ИТМни жаҳон андозаларига мослаштириш, таълим ва илм-фан сифатини юксалтириб бориш ва самарали бошқарув тизимини тўлақонли жорий этиш бўйича ўтиш даврида олий таълимдан кейинги таълим икки поғонали тизимининг имкониятларидан унумли фойдаланишга хизмат қилади.
Бешинчидан,
“Бугунга келиб ОАК дунёнинг энг рейтинги баланд 300 университетларининг PHDларига автоматик DS бериш амалиётини «жорий» қилди. Ҳарна! Ўша юқори рейтингли университетлардан PHD олган ҳамкасбларимиз учун хурсандман. Лекин, яна мантиқ излайман: нима учун топ 500ни эмас, ёки топ 1000ни эмас, ёки бира тўла барчасини эмас?”.
Маълумот учун: Умиджон Aхунжоновнинг хорижий давлат томонидан берилган илмий даража тўғрисидаги дипломини (PhD) тўғридан-тўғри фан доктори (DSс) сифатида тан олиш бўйича ҳужжатлари Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети томонидан ОАКга тақдим этилган. Мазкур дипломни берган университет халқаро рейтингда 300 таликка кирмаган.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Мамлакатимизда кейинги йилларда халқаро алоқаларнинг шиддатли кенгайиши, таълим ва илм-фан соҳаларида халқаро интеграциянинг йўлга қўйилиши шароитида олий таълимдан кейинги таълим тизимини ривожлантириш, хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби босқичма-бочқич, оптимал қамров ва изчиллик асосида такомиллаштириб борилмоқда. “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилга амал қилган ҳолда, соҳадаги ўзгаришлар юзасидан 2018-2020 йилларда, жумладан, вилоятларда жойлашган ОТМ/ИТМ илмий жамоатчилик иштирокида 118 та учрашув ўтказилиб, унда янги ўзгаришлар ҳам кенг муҳокама қилинган. Бу борада халқаро рейтингларда салоҳиятли ўринларни эгаллаган етакчи олий таълим муассасалари билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ–6097-сон “Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан олий таълимдан кейинги таълимнинг бир поғонали тизими жорий қилинган хорижий давлатларнинг рўйхати ҳар йили ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасида фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинади. Унга мувофиқ, жумладан, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг 11 нафар ходимининг PhD дипломлари фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олинди (Д.Ибрагимов, З.Аскаров, Н.Алимухамедова, В.Жонатан, О.Юлдашев, Ф.Каримов, П.Малвичини, М.Кларк, Б.Мухопадяй, О.П.Рош, Х.Сайфутдинов).
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур фармонига кўра, халқаро рейтингларда биринчи 300 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим ташкилотларида олинган профессор, доцент, катта илмий ходим ва уларга тенглаштирилган бошқа илмий унвонлар тўғрисидаги ҳужжатлар ОТМ ва ИТМ кенгашларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикасида қўшимча экспертиза ўтказмасдан ва бошқа синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади.
“Хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг лойиҳасида хорижий давлатларда илмий даражалар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри тан олиш ҳам кўзда тутилган (мамлакатимизнинг халқаро битимлари ва шартномалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар; “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар; вазирлик ва идораларнинг йўлланмалари билан хорижий давлатлар томонидан ажратилган квота (грант)лар ҳисобидан хорижий давлатларда мутахассисларни мақсадли тайёрлаш асосида олинган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар).
Олтинчидан,
“Илмий иш қилишга ихлосманд кадрларга энг камида IELTS 6 (TOEFLibt 80) талабини қўйиш керак. Бу орқали, биринчидан, илмга ҳақиқий илмлиларнинг кириб келиши таъминланади. Халқаро миқёсдаги мақола ва ишлар билан танишиш учун бари бир тадқиқотчидан инглиз тилини яхши билиш қатъий талаб этилади”.
Мазур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, бугунги кунда талабгорлардан чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топширишда тегишли малака талаб этилиб, баҳолаш тизими доимий равишда такомиллаштириб борилади. Масалан, талабгорлар малака билимлари  IELTS (ўртача 5,5 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (РВТ) (567 баллдан кам бўлмаган), TOEFL (iBT) (87 баллдан кам бўлмаган) ҳамда камида В2 даражасидаги CEFR, Test DaF (Test Deutsch als Fremdsprache fur auslandische Studienbewerber), GOETHE-ZERTIFIKAT, DALF (Diplome approfondi de langue francaise) ва Давлат тест марказининг малакавий сертификати асосида ҳам баҳоланмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таркибида чет тилини ўзлаштиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. 2021 йилда физика ва хорижий филология фанларига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан келиб чиққан ҳолда, қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Еттинчидан,
“Илмий ишлар режаларини анъанавий 3-5 бўлимли (назария, ҳозирги ҳолат, ривожлантириш истиқболлари) шаклдан ҳалқаро (адабиётлар таҳлили, методология, таҳлил ва муҳокама) шаклига ўтказиш лозим”.
Мазкур фикрлар қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Амалдаги тартиб-қоидада диссертациянинг таркиби “назария - ҳозирги ҳолат - ривожлантириш истиқболлари” шаклида бўлиши керак деган талаб йўқ. Тартиб-қоидада фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун тайёрланган диссертация камида тўртта бобдан ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича диссертация камида учта бобдан иборат бўлиши белгиланган.
Шунга кўра, муаллиф ўз тадқиқотининг мақсади ва хусусиятидан келиб чиқиб, диссертация таркибини “назария, ҳозирги ҳолат, ривожлан-тириш истиқболлари, адабиётлар таҳлили, методология, таҳлил ва муҳокама”  талаблари асосида шакллантиради. Масалан, ҳар бир диссертацияда халқаро шаклга кўра, албатта, адабиётлар таҳлили келтирилади.
Саккизинчидан,
“Илмий семинар ва илмий кенгашлар таркибини имкон даражасида замонавий тадқиқот билимларига эга ёш мутахассислар билан янгилаш...”.
Мазкур фикр қуйидагиларга кўра асоссиздир:
Амалдаги тартиб-қоидага кўра, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар таркиби мазкур илмий кенгаш ёки у фаолият кўрсатаётган ОТМ/ИТМ тавсияси асосида шакллантирилади. Бугунги кунда илмий кенгашлар таркибига иқтидорли ёш олимлар киритилган. Масалан, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетиҳузуридаги илмий кенгаш таркибининг деярли 30 фоизини 37 ёшгача бўлган ёш олимлар ташкил этади.
Бундан ташқари, амалдаги тартиб-қоидага кўра, илмий кенгашлар таркибининг камида 15 фоизи ҳар йили белгиланган тартибда янгиланиб борилади. Ушбу янгиланиш жараёнида иқтидорли ёш олимларни илмий кенгашлар таркибига киритишга алоҳида эътибор қаратилади.

Умиджон Aхунжоновга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, илмий ва педагогик фаолиятида катта муваффақиятлар тилаймиз.

ОАК Ахборот хизмати

 

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш