Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг навбатдаги Раёсат мажлиси 2021 йилнинг 27 февраль куни бўлиб ўтиб, жумладан қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
    1. Раёсат мажлиси қарорига асосан 12 нафар талабгор фан доктори, 108 нафар талабгор фалсафа доктори илмий даражаларида, шунингдек 97 нафар талабгор илмий унвонларда тасдиқланди.
    2. Раёсат мажлисида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан “Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом”, “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом” талабларига риоя қилиш, диссертациялар муҳокамасининг холис экспертизасини таъминлаш, кўчирмачиликка йўл қўймаслик ҳамда тегишли илмий-ташкилий ишларни талаб даражасида амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди,  жумладан:
    а) М.К.Махамедов диссертациясининг объекти сифатида олинган зараркунанда ҳашарот иссиқхона трипси (H. haemorrhoidalis) ўрнига Америка трипси (Echinothrips americanus Morgan)нинг морфо-биологик кўрсаткичлари Г.И.Сухорученко, Г.П.Иванова, Л.Ю.Кудряшованинг “Американский трипс (Echinothrips Americanus Morgan) – Новый адвентивный вредитель культур защищенного грунта в России” рус тилидаги манбадан ўзбек тилига ўгирган ҳолда кўчириб олгани сабабли талабгорнинг  қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган PhD/04.02.2021/Qx.228 рақамли аттестация ишига рад жавоби берилди. Диссертацияда кўчирмачилик мавжудлиги сабабли “Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисидаги низом”нинг  34-бандига кўра унинг аттестация ишини тўхтатишни сўраган мурожаати кўриб чиқилмади ҳамда Раёсатнинг қарори билан у ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди (Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги DSc.05/30.12.2019.Qx.13.01 рақамли илмий кенгаш);
    б) Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича илмий даражалар берувчи DSc.05/30.12.2019.Qx.13.01 рақамли илмий кенгаш фаолияти қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда тугатилди:
    фаолиятида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаслик, диссертациялар муҳокамасида нохолис экспертиза ва кўчирмачиликка йўл қўйиш, тегишли илмий-ташкилий ишларни талаб даражасида амалга оширмаслик ва бошқалар;
    ОАК Раёсатининг қарори (30.01.2021 й., №291/1) билан диссертация моҳияти бўйича илмий-услубий жиҳатдан хатоликларга йўл қўйилгани, диссертация ва авторефератда қатор камчиликлар аниқлангани, тадқиқот якунланмагани, олинган маълумотларнинг ишончсизлиги ҳамда талабгор билан ўтказилган суҳбатда саволларга қониқарсиз жавоб берганлиги сабабли У.А.Машариповнинг қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун тақдим этилган PhD/22.12.2020/Qx.1338 рақамли аттестация ишига рад жавоби берилгани;
    ОАК томонидан қишлоқ хўжалиги фанлари доктори К.Ш.Маматовнинг диссертациясини тегишли ўзга манба билан таққослаган ҳолда қўшимча хулоса тақдим этмагани.
    3. ОАК Раёсатининг қарори (27.02.2021 й., №293/1) билан Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича илмий даражалар берувчи DSc.05/28.08.2020.Qx.13.03 рақамли илмий кенгашга (илмий кенгаш раиси Х.Ч.Буриев) икки ой ичида экспертиза холислигини таъминлаш мақсадида фаолияти тугатилган DSc.05/30.12.2019.Qx.13.01 рақамли илмий кенгашда 2013-2020 йилларда ҳимоя қилинган барча диссертацияларда плагиат (кўчирмачилик) ҳолати мавжуд/мавжуд эмаслиги юзасидан экспертизани ташкил этиб, асосланган хулосаларни ОАКга тақдим этиш юклатилди.
    4. Барча илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга ўз фаолиятларида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестациясига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига тўла риоя қилиш, плагиат (кўчирмачилик) ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик, экспертиза сифати ва холислигини таъминлаш, аттестация жараёнида иштирок этаётганларнинг масъулиятини ошириш масалаларини бир ой муддат ичида муҳокама қилиб, низомлар талабларига тўла риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирларини белгилаган ҳолда унинг ижросини сўзсиз амалга оширишни таъминлаш юклатилди.

 

ОАК Ахборот хизмати

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш