Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 октябрдаги ПФ-6097-сон Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 9-бандида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва олий таълимдан кейинги таълим соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори лойиҳасини тайёрлаш ва уни ўрнатиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори лойиҳасига киритиш учун ОАК томонидан, жумладан қуйидагилар тавсия этилди:

   1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан 2021 йилдан бошлаб олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёни рақамлаштирилган «Электрон ОАК» тизимини жорий қилишни ташкил этиш.

    2. а) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси бўйича илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш бўйича:
    2021 йилдан бошлаб республиканинг рейтинги бўйича биринчи 30 та ўриндан бирини эгаллаган олий таълим муассасалари кенгашларига, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тавсия этган илмий ташкилотлар кенгашларига ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Мудофаа вазирлиги ҳайъати тавсия этган идоравий мансуб олий таълим муассасалари, шунингдек, Ҳукумат қарорларида назарда тутилган илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари кенгашларига талабгорларни доцент, катта илмий ходим ҳамда профессор илмий унвонида тасдиқлаш ҳуқуқини бериш;
    2021 йилдан бошлаб синов тариқасида амалдаги физика-математика, география, психология, педагогика ва санъатшунослик йўналишларидаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида бевосита тасдиқлаш ҳуқуқини бериш (42 та илмий кенгаш. Маълумот учун: 2020 йилда 10 та илмий кенгашга академик мустақиллик берилган);
    2022 йилдан бошлаб синов тариқасида амалдаги кимё, биология, геология-минералогия ҳамда тарих, фалсафа, сиёсий, социология ва архитектура йўналишларидаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида бевосита тасдиқлаш ҳуқуқини бериш (59 та илмий кенгаш);
     2023 йилдан бошлаб синов тариқасида амалдаги техника, филология, юридик ва исломшунослик йўналишларидаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга талабгорларни фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида бевосита тасдиқлаш ҳуқуқини бериш (58 та илмий кенгаш);
     2024 йилдан бошлаб талабгорларни бевосита илмий унвонлар ва илмий даражаларда тасдиқлаш ваколатини тўлалигича (100%) илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари тасарруфига бериш;
     б) 2021 йилдан бошлаб олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича:
    фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари диссертациялари сифатини ошириш ва кўчирмачилик (плагиат) ҳолатининг олдини олиш мақсадида диссертацияларнинг илмий жамоатчилик томонидан электрон экспертизадан ўтказилишини йўлга қўйиш (хизмат доирасида фойдаланиш учун ва бошқа грифли диссертациялар бундан мустасно);
     илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари кенгашлари қарори билан нашр қилинган якка муаллифликдаги монография тақдимномаси муҳокамаси асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш амалиётини жорий қилиш;
     халқаро тажрибага мувофиқ «Scopus», «ScienceDirect» ва «Web of science» халқаро илмий-техник базалар рўйхатида мавжуд ихтисослашган илмий нашрларда импакт-фактори тегишли фан тармоғи бўйича белгиланган даражада бўлиб, диссертация тайёрламасдан автореферат шаклидаги тақдимнома муаллифига фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш;
     муайян тарихий мавзу тадқиқоти натижалари бўйича илмий янгиликлари тақдимоти “O‘zbekiston tarixi” телеканалида ўтказилган ва  илмий янгиликлари бадиий/ҳужжатли фильмлар сценарийларида фойдаланилган тадқиқот муаллифига диссертация тайёрламасдан автореферат шаклидаги тақдимнома асосида тарих ва санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш;
    аниқ вазифаларни ҳал этиш бўйича илмий ишланмалар, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмалар муаллифига диссертация тайёрламасдан автореферат шаклидаги тақдимномани Ёшлар академиясидаги муҳокамаси асосида фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини бериш;
     илмий даражалар бериш бўйича аттестация жараёнида “субъект- субъект” учрашувини камида 80 фоизга қисқартириш;
    фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларига талабгорлар томонидан «Scopus», «ScienceDirect» ва «Web of science» халқаро илмий-техник базалар рўйхатида мавжуд ихтисослашган илмий нашрларда мақолалар чоп этиш талабини босқичма-босқич жорий қилиш;
    фан доктори (DSc) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш таркибига профессор илмий унвонли фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга юқори малакали ва тажрибали мутахассисларни киритиш;
    малакавий имтиҳонларни ва қўшимча топшириладиган имтиҳонларни ташкил қилиш амалиётини тўлалигича илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари ваколатига бериш;
    фаолиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда талабгорларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида диссертация ҳимоялари ўтказиладиган манзил, куни, санаси ва бошқа маълумотларни Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги веб-сайти орқали маълум қилиш;
    диссертациялар мавзуларини рўйхатга олиш ва «ОАК Бюллетени» журналида эълон қилишни, диссертациялар илмий натижаларини эълон қилиш тавсия этилган миллий ва халқаро журналлар рўйхатини тасдиқлашни, ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси диссертацияси бўйича монография эълон қилишни ҳамда диссертацияни қўшимча муҳокамадан ўтказувчи етакчи ташкилот институтини бекор қилиш;
     олий таълимдан кейинги таълим институтларига киришда чет тили бўйича имтиҳон топширилишини назарда тутган ҳолда чет тили бўйича малакавий имтиҳонни топшириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;
     талабгорга илмий даража бериш бўйича илмий даражалар берувчи илмий кенгаш қарорини очиқ овоз бериш йўли билан ҳал этиш ва шу муносабат билан ҳисоб комиссияси институтини бекор қилиш.

Олий аттестация комиссияси

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш