Ёш авлодни ватанга садоқат ва фидойилик руҳида камол топтирган элнинг келажаги юксак бўлиши, шубҳасиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати ана шундай мезонга асосланган десак, хато қилмаймиз. Зеро, сўнгги йилларда юртимиз ёшларини баркамол қилиб тарбиялаш, улар учун барча зарур шароитларни яратишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани, 30 июнь – “Ёшлар куни” деб белгилангани, турли соҳаларда юксак натижаларга эришаётган ёшлар учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медалининг таъсис этилгани юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Йил сайин ёшларга бўлган эътибор янада ортиб, уларни фан, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, улар бандлигини таъминлаш каби вазифаларни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

2020 йилнинг 30 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6017-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  ПҚ-4768-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар юртимиз ёшларининг бугуни ва эртаси учун муҳим ва мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.

Шу ўринда бугун мамлакатимиз ёшларининг илм-фан билан шуғулланишлари, ўзларининг билим ва иқтидорларини намоён этишлари учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

ОАК веб-сайтида – “Ёшлар сиёсати” рукни ташкил қилинди. Унда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларида тасдиқланган ёш олимлар ҳақида маълумотлар бериб борилади.

                                   ОАК Ахборот хизмати     

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш