Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раҳбарияти иштирокида “Геология-минералогия фанлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси натижалари” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда геология-минералогия фанлари соҳасида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси борасида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳузурида соҳага тегишли 7 та илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Мазкур илмий кенгашлар умумий ва минтақавий геология, қаттиқ фойдали қазилма конлари геологияси, уларни қидириш, металлогения ва геокимё, геологик разведка ишлари технологияси ва техникаси каби ихтисосликларни қамраб олган.
Сўнгги 3 йил мабойнида 40 дан ошиқ диссертация ҳимояси амалга оширилган. Барча диссертацияларнинг илмий натижалари тўлиқ амалиётга жорий қилинди. Жумладан, олтин маъданлашувининг қидирув мезонлари мажмуаси ва башоратлаш модели ишлаб чиқилиб, Шимоли-ғарбий Саритов, Шарқий Қасқиртов, Шарқий Карабугут истиқболли майдонларини аниқлаш ҳамда геологик қидирув ишларини олиб боришга имконият яратилган.
Газли ва Хўжаобод ерости газ сақлаш омборларидан фойдаланиш ва уларни ишлатишнинг технологик методологияси яратилди. Фарғона ва Сурхондарё ботиқлигидаги қазилган қудуқлар деворларида учрайдиган гил қатламларининг ўпирилиш хавфи бор интервалларини бурғилаш технологияси ишлаб чиқилган.
– Шунингдек, Бухоро-Хива регионидаги юра даврига оид фораминиферлар тадқиқотининг монографик баёни тузилди, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Геология-минералогия эксперт кенгаши раиси, профессор Абдурашид Ҳасанов. – Очиқ кон ишларида кон жинслари массивлари мустаҳкамлигининг заифлашган ҳудудларидан фойдаланган ҳолда бурғилаб портлатиш ишларини олиб боришнинг ресурс тежовчи технологиялари яратилди.
Олтин ажратиб олишни таъминловчи техник ва технологик ечимларга асосланган, таркибида олтин бўлган сульфидли рудаларнинг тўлиқ очилишига йўналтирилган комбинациялашган қайта ишлаш технологияси яратилиши натижасида олтин ажратиб олиш даражаси 8-10 фоизга оширилди. Уран маъданларини қазиб олиш жараёни 1,5 маротабага жадаллаштирилиб, таннархини 5 фоизга камайтиришга эришилди. Воҳа геосистемалари учун “ер сиғими” меъёри ишлаб чиқилди. Марказий Қизилқумда атмосфера ёғинларининг ҳудудий тақсимланиши ҳамда вақтинча оқар сувлар йиғилувчи ҳавзалар аниқланиб, хариталари яратилди ва сақлаш усуллари такомиллаштирилди.
Мамлакатимиз ва унга қўшни ҳудудлардаги 20 та дарё ҳавзаси, 121 та дарё субҳавзасидаги 680 та тоғ кўлларининг морфометрик ва географик кўрсаткичларини қамраб олган ахборот тизими ишга туширилди. Натижада хавфли сув тошқинларининг ҳалокатли оқибатлари камайтирилди.
Мазкур илмий ишлар ўз тасдиғини амалда янада тўлиқ намоён этиши учун Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатлари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги институтлар билан уч томонлама келишув асосида илмий-тадқиқот ишлари давом эттирилмоқда.
Манба: http://uza.uz