Маълумки, мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 24 май куни Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосидаги диссертация ҳимояси амалиётини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилган ва 2019 йилнинг 11 июлида “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” (ПҚ-4391-сон) Президент қарори эълон қилинган эди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан 2020 йил 10 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Ушбу қарорга мувофиқ, 2020 йилнинг 1 мартидан эътиборан Ўзбекистон миллий университети базасида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражаларни талабгорларга мустақил бериш амалиёти тажриба тариқасида уч йил муддатга жорий этилди.
Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида тайёрланган диссертация – ўрнатилган тартибда мавзуси тасдиқланиб, назарий тадқиқотлар ва илмий натижаларини амалиётга жорий қилиш жараёни икки нафар изланувчи томонидан ҳамкорликда ташкил этилган, тадқиқотнинг мазмун-моҳияти белгиланган талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида назарий илмий янгиликлари тизимли равишда асосланган (фан доктори (DSc) учун) ва инновацион илмий янгиликлари амалиётга мақсадли жорий этилган (фалсафа доктори (PhD) учун) қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар.
Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш ва талабгорларни тегишли равишда фан доктори (DSc), фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқлаш олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил қилиш қуйидаги хусусиятларга эга:
биринчидан, муайян фан тармоғи бўйича битта диссертация икки нафар, жумладан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга талабгор ва илмий даражага эга бўлмаган шахс томонидан тайёрланиши;
иккинчидан, тадқиқотнинг илмий натижалари бўйича ихтиро ёки селекция ютуқларига патентлар олиниб, уларнинг амалиётга жорий этилиши ва салмоқли самара олинган бўлиши;
учинчидан, илмий натижалар амалиётга жорий қилинган ташкилот томонидан фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига талабгорнинг илмий натижаларни амалиётга жорий этишдаги алоҳида хизматлари ва жорий этишдан олинган (кутилаётган) салмоқли самараси юзасидан асосли хулоса (далолатнома) берилиши;
Шу ўринда яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиш лозимки, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун талабгор ўз илмий фаолиятини мустақил изланувчилик институти асосида олиб боради.
Илмий кенгаш илмий даражаларни бериш (бермаслик) тўғрисида ягона қарор қабул қилади ва бу қарор ҳар икки талабгорга нисбатан тенг қўлланади.
Бир сўз билан айтганда, бинар (иккиталик) ҳимоя тизими инновацион хусусиятга эга тадқиқотларни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, илмий натижаларни амалиётга тезкор жорий этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, илмий даражаларни бериш ваколатини босқичма-босқич равишда илмий кенгашларга ўтказишнинг фундаментал асосини яратиш, иқтидорли ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишларини ошириш, қолаверса, жамиятда илмий фаолият нуфузини янада кўтаришга хизмат қилади.