Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдиназаров Жамшиднинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Сурхондарё вилоятининг тақирсимон тупроқлари шароитида ингичка толали ғўза ҳосилдорлигига турли компостларнинг таъсири”, 06.01.01 – Умумий дехқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/Qх782.
Илмий раҳбар: Болтаев Сайдулла Мақсудович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, DSc.05/30.12.2019.Qx.42.01.
Расмий оппонентлар: Тунгушова Дилбар Абдукаюмовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Сайимбетов Алишер, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Сурхондарё вилоятининг тақирсимон тупроқлари шароитида ингичка толали ғўзадан юқори ва сифатли пахта ҳосили олиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ҳамда оширишда бентонит, фосфорит ва гўнг асосида тайёрланган турли компостларни қўллаш самарадорлигини аниқлаш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ингичка толали ғўзани парваришлашда 10 т гўнг ва 3 т бентонит ёки 10 т гўнг ва 3 т фосфорит асосида тайёрланган компостларни шудгор остига 3 йилда бир марта 13 т меъёрида ҳамда шу нисбатларда тайёрланган компостларнинг 2 т меъёрини ҳар йили ғўзанинг 2-3 чин барг даврида 700 кг, шоналашда 700 кг ва гуллашда 600 кг миқдорда компостлар сифатида минерал ўғитлар билан биргаликда ўсув даврида қўллаш технологияси ишлаб чиқилган;
тадқиқотда турли компостлар қўлланилган вариантларда тупроқ  ҳажм массаси 0,04-0,05 г/см3 камайган, сув ўтказувчанлиги 39-42 м3/га ошган ҳамда тупроқда гумус миқдори 0,090% га ортганлиги аниқланган;
бентонитли ва фосфоритли компостларнинг табиий мелиорантлик хусусиятларига кўра тупроқнинг 0-30 см ҳайдов қатламида хлор иони миқдори 0,011% га камайганлиги аниқланган;
бентонит, фосфорит ва қорамол гўнги асосида тайёрланган компостларнинг турли меъёрлари қўлланилганда ингичка толали “СП-1607” ғўза навининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига ижобий таъсир этиб, назоратга нисбатан 6,1-7,5 ц/га қўшимча ҳосил олингани исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Республикамизнинг жанубий Сурхондарё вилоятида ингичка толали ғўзани  парваришлашда компостларни қўллаш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
 “Ғўзанинг ингичка толали СП-1607 навини парваришлашда қўшимча озиқлантиришнинг самарадорлиги” номли тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-105-сон маълумотномаси). Мазкур тавсиянома ингичка толали ғўзадан юқори ҳосил етиштиришда қўлланма сифатида фойдаланилмоқда;
ингичка толали ғўзани парваришлашда бентонит+гўнг ва фосфорит+гўнг асосли компост 13 т/га шудгордан олдин ҳамда ғўзанинг ўсув даврида 2 т/га меъёрда қўллаш Сурхондарё вилояти Музрабод тумани “Тулак Катов” ф/х 15,0 га, “Раззок Мулк” ф/х 15 га, “Жавлонбек Хамдам” ф/х 12,0 га, жами 42 га майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-105-сон маълумотномаси). Натижада, ингичка толали ғўзадан гектарига 6,0 ц қўшимча пахта хосили олиниб, рентабеллик даражаси 46,8 % ни ташкил қилган;
ғўзанинг “СП-1607” навига турли компостларни қўллаш технологияси Сурхондарё вилояти Термиз тумани Ингичка толали пахтачилик илмий тадқиқот институти тажриба майдонида 10,0 га жорий этилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 27 мартдаги 05/01-05/02-05/04-03-105-сон маълумотномаси). Натижада, ингичка толали ғўза майдонининг гектаридан 36,6 ц пахта ҳосили олиниб, қўшимча хосил 6,3 ц/га ни, рентабеллик даражаси 47,9% ни ташкил қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish