Сайт тест режимида ишламоқда

Раббимов Абдуллонинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Чўл яйловлари ҳосилдорлигини оширишнинг интродукция ва селекция асослари”, 06.01.05 – Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.3.DSc/Qх76.
Илмий маслаҳатчилар: Махмудов Мухитдин Махмудович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Qx.42.02. (Бир марталик ИК)
Расмий оппонентлар: Ғайбуллаев Ғулом Сайидалиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Рахимова Ташханим, биология фанлари доктори, профессор; Нурбеков Азизбек Исроилович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади чўл озуқабоп ўсимлик турларининг генофондидан яйловлар ҳосилдорлигини оширишни таъминлайдиган истиқболли бирламчи манбаларни танлаш ва селекцияга жалб қилиш, маҳаллий шароитларга мос, серҳосил янги навларини яратиш, уруғлик етиштириш технологиясининг айрим элементларини такомиллаштириш ва ишлаб чиқишга жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор тарқалиш ареалининг турли нуқталаридан олиб келинган чўл озуқабоп ўсимлик турлари ва намуналарида эколого-биологик ва хўжаликбоп хусусиятлари бўйича катта диапозонларда ўзгарувчанлик мавжудлиги аниқланган ва бу муайян тупроқ-иқлим шароитларида ўсишга яхши мослашган маҳаллий навлар яратиш мумкинлигига асос бўлган;
 яйловларни фитомелиорациялашда истиқболли бўлган янги ўсимлик турлари: Оғамед астрагали- Astragalus agameticus Lipsky., Хуросон эспарцети- Onobrychus chorossanica Bge, кўп йиллик олабута- Atriplex undulata ва бояличлар- Salsola arbuscula Pall. аниқланган;
 изеннинг асосан четдан шамол ёрдамида чангланиши, шунингдек, бир тупнинг ўз-ўзидан чангланиши (гейтеногамия) мумкинлиги, чўғоннинг ўз-ўзидан чангланиши, эркак ўтнинг эса четдан шамол ёрдамида чангланиши исботланган;
изен популяцияларида турли сондаги (2n=18, 36, 54) хромасома жуфтлигига эга индивидиумлар (полиплоидия) мавжудлиги, изеннинг турли экологик типлари ўзаро эркин дурагайланиши мумкинлиги, изен ва терескен ўсимликларини новда қаламчаларидан вегетатив кўпайтириш ва селекцияда бу усулдан фойдаланиш мумкинлиги аниқланган;
чўл озуқабоп ўсимликларининг қаттиқ уруғларига экишдан олдин турли усулларда ишлов бериш орқали уларнинг унувчанлигини ошириш усуллари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Чўл яйловлари ҳосилдорлигини оширишнинг интродукция ва селекция асослари бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:
изеннинг «Отавный», чўғоннинг «Жайхун», олабутанинг «Ягона»     навлари Самарқанд вилояти, Нуробод туманидаги «Нурли эл чорвадори» қоракўлчилик масъулияти чекланган жамиятида 50 гектар, «Олға қоракўл наслчилик» масъулияти чекланган жамиятида 10 гектар, «Сахоба ота қоракўл-насл» масъулияти чекланган жамиятида 10 гектар, «Тим – Агрон чорвадорлари» қоракўлчилик масъулияти чекланган жамиятида 4 гектар майдонларда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2021-йил 9-мартдаги №02/23-478 сон маълумотномаси). Натижада яйловлар ҳосилдорлиги оширилиб, гектаридан 14-22 ц гача юқори ҳосил олинишига эришилган;
изеннинг «Отавный», чўғоннинг «Жайхун», эркак ўтнинг «Ишонч» навлари  Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Рустамнома» фермер хўжалигида 10 гектар, «Бозорбой тулпори» фермер хўжалигида 10 гектар майдонларда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2021-йил 9-мартдаги №02/23-478 сон маълумотномаси). Натижада, ушбу ҳудудларда чўл озуқабоп ўсимликлар етиштиришда рентабеллик даражаси 53 % ни ташкил этган;
изеннинг «Сахро», чўғоннинг «Жайхун», кўп йиллик олабутанинг «Ягона» навлари Бухоро вилоятининг Когон туманидаги «Когон-Чинор чорваси” қоракўлчилик масъулияти чекланган жамиятида 5 гектар майдонда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2021-йил 9 мартдаги №02/23-478-сон маълумотномаси). Натижада, яйловлардан озуқабоп ўсимликларни етиштиришнинг технологияси тикланиб, гектаридан 15-20 ц/га ҳосил олишга эришилган;
 Бухоро вилояти чўл озуқабоп ўсимликлари уруғчилик марказида чўғоннинг«Жайхун», изеннинг «Нурота», олабутанинг «Ягона» навлари 230 гектар майдонларда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2021-йил 9-мартдаги №02/23-478-сон маълумотномаси). Натижада, гектаридан 15-25 ц/га пичан ҳосилини олишга эришилган;
Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги “Алтинбоев ери” фермер хўжалигида 2 га майдонда изеннинг “Отавный”, олабутанинг “Ягона” навлари экилиб, изендан 18,0 ц/га пичан ва 250 кг уруғ ҳосили, олабутадан 20,0 ц/га пичан ва 350 кг/га уруғ ҳосилини олишга эришилган ёки изендан 1,0 га ердан 6250 минг сўм, олабутадан 8750 минг сўмлик махсулот олишга эришилган (Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат Қўмитасининг 2021-йил 9 мартдаги №02/23-478-сон маълумотномаси). Натижада, иқтисодий самарадорлик таъминланиб, рентабеллик даражаси 73% ни ташкил қилган.

Бош меню

Янгиликларга обуна бўлиш