Sayt test rejimida ishlamoqda

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг одоб-ахлоқ қоидалари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2016 йил 31 мартдаги 223/11-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг одоб-ахлоқ қоидалари

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда ОАК деб аталади) ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (кейинги ўринларда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, ОАК ходимлари касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

2. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, ОАК ходимларини юксак ҳуқуқий онг, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

3. ОАК ходимлари (ишга кираётган шахслар) Одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништириладилар.

4. ОАК ходимлари қонун ҳужжатлари ва Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ОАК ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

II. ОАК ходимларининг хизматдаги хулқ-атворининг асосий принциплари ва қоидалари

5. ОАК ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

  • қонунийлик;
  • фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
  • ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;
  • давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
  • адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

6. ОАК ходимлари қуйидагиларга мажбур:

  • хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
  • ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
  • юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;
  • ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларида белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
  • ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахслар, гуруҳлар ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
  • ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларга барҳам бериш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;
  • ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;
  • урф-одатлар ва анъаналарни ҳурмат қилиш, маданий ҳамда бошқа хусусиятларни ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
  • ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки ОАКнинг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
  • хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш учун фойдаланмаслик;
  • ОАКда хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш.

7. Ижтимоий – иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар ОАК ходимларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.

8. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ОАК ходимларига ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.

9. ОАК ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

ОАК ходимлари уларни ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида бирор-бир шахсларнинг қилган мурожаатларининг барча ҳолатлари тўғрисида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини, шунингдек бошқа ОАК ходимлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлган ҳар қандай ҳолатлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

ОАК раҳбарлари шахслар қонунчиликнинг бузилиши фактлари тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўймаслигини таъминлаши керак.

10. ОАК ходимлари касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришлари шарт. Уларнинг ошкор этилганлиги учун улар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

11. Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим, у бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак. У гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатъий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

  • манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;
  • коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;
  • ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

12. ОАК ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ОАК ходимлари билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик қарор топишига масъулдирлар.

ОАК ходимлари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. ОАК ходимлари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ОАК ходимларининг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

13. ОАК ходимлари хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслиги керак.

III. Манфаатлар тўқнашуви

14. ОАК ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймасликлари керак.

Манфаатлар тўқнашуви ОАК ходимларининг шахсий манфаатлари уларнинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

ОАК ходимларининг шахсий манфаатдорлиги уларнинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ОАК ходимлари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

15. ОАК ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

ОАК ходимлари ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

ОАК ходимлари ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

16. ОАК ходимлари лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

IV. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

17. ОАК ходимлари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

18. ОАК ходимлари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ходимларни аттестациядан ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

19. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда ОАК раисининг кўриб чиқишига қоидалар бузилишини содир этган ОАК ходимларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг характерини ҳисобга олган ҳолда, Одоб-ахлоқ комиссияси ОАК ходимларига нисбатан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

ОАК ходимлари ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек ОАК Одоб-ахлоқ комиссиясининг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Юклаб олиш: Odob-axloq-qoidalari.pdf

Yangiliklarga obuna bo‘lish