Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримов Яшин Абдушарибовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): Марказий Осиё коммуникация тизимида сув йўлларининг тутган ўрни (қадимги давр ва ўрта асрлар Амударё ва Сирдарё мисолида),  07.00.01 – Ўзбекистон тарихи. 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3PhD/Tar175.
Илмий раҳбар: Мавлонов Уктам Маҳмасобирович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи:  Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, PhD.03/30.12. 2019.Tar.20.05.
Расмий оппонентлар: Раимқулов Абдисабур, тарих фанлари доктори, Сулайманов Саламат Арепбаевич, тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Амударё ва Сирдарё сув йўлларининг минтақа коммуникация тизимида тутган ўрнини тарихий аспектда ёритиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Амударё ва Сирдарё сув йўли ва Орол денгизидан фойдаланишнинг шаклланиши ва ривожланишининг тарихий босқичлари аниқланиб, минтақадаги сиёсий-иқтисодий муносабатларда тутган ўрни, маҳсулот алмашиш, савдо-сотиқ ва транзит алоқаларга хизмат қилганлиги очиб берилган;
Амударё ва Сирдарёдаги боғлама (понтон) кўприклар, кечувлар минтақадаги қуруқлик ва сув йўлларининг ўзаро кесишган ҳудудларини боғловчи восита сифатида муҳим вазифани бажаргани, шу асосда дарёлар карвон йўллари учун тўсиқ эмас, балки ёрдамчи йўналиш бўлганлиги кўрсатиб берилган;
Амударё ва Сирдарёда муҳим кечувлар бўйида жойлашган қалъаларда сув йўллари билан боғлиқ инфратузилмалар шаклланишининг стратегик аҳамияти ёритилиб, уларнинг сув йўли ва кечувлардан фойдаланувчи давлат хизматчилари, элчилар, савдо карвонлари, йўловчиларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш вазифасини бажаргани ёритиб берилган;
Қадимги давр ва ўрта асрларда Амударё ва Сирдарё ҳамда Орол денгизида сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тарихи ёзма манбалар ва тадқиқотлардаги мазкур масалага оид маълумотлар асосида очиб берилган, кемалардан ҳарбий-стратегик вазиятларда фойдаланиш, қайиқ ва кемаларнинг маҳсулотларни узоқ манзилларга тез ва камҳарж етказиб беришда, дарё ва кечувларда хизмат кўрсатиш тизимида тутган аҳамияти очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Марказий Осиё коммуникация тизимида сув йўлларининг тутган ўрнини ёритиш жараёнида эришилган натижалар асосида:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг минтақавий бўлими – Хоразм Маъмун академиясида 2012-2016 йилларда бажарилган “Хоразм тарихи (I жилд энг қадимги даврлардан V асргача. II жилд. V-XIV асргача)” мавзусидаги фундаментал лойиҳада Марказий Осиёда ўзаро алоқа, маҳсулот алмашинуви ва савдо-сотиққа хизмат қилган сув йўлларининг минтақа коммуникация тизимида, минтақадаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тутган ўрнини тадқиқ этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 14 мартдаги 3\1255-733-сон маълумотномаси). Олинган натижалар Марказий Осиёнинг турли ҳудудлари ва давлатлари ўртасидаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий алоқаларни амалга оширишда сув йўлларининг тутган ўрнини кўрсатувчи ёрдамчи маълумот сифатида фойдаланишга имкон берган;
илмий иш материалларидан Хива “Ичанқалъа” музей қўриқхонасида “Қадимги Хоразм” экспозициясининг савдо алоқалари бўлими фондини, музей экспозициясини бойитишда фойдаланилмоқда. Бу материаллар туризм ривожига, сайёҳларнинг қадимги давр ва ўрта асрларда Марказий Осиё коммуникация тизимида сув йўлларининг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида қарашларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда (Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг 2019 йил 7 августдаги 01-12-10-4024-сон маълумотномаси). Тадқиқот материаллари музей экспозициясининг кенгайиши, қизиқарли ва таъсирчан бўлишида муҳим аҳамият касб этган;
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалида диссертация илмий натижаларидан айрим кўрсатувлар сценарийлари тайёрланди. Хусусан, 2020 йил 10 январда эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувида диссертант иштирок этиб, илмий тадқиқот иши бўйича қўлга киритилган илмий-назарий хулосаларни баён этган (“O‘zbekiston” телерадиоканалининг 2020 йил 10 январдаги 02-40-89-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Марказий Осиё коммуникация тизимида сув йўлларининг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида “O‘zbekiston tarixi” телеканалида туркум телекўрсатувларни тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish