Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (Ўзбекистон Республикаси ОАК) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

ОАК ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992-йил 31-мартдаги ПФ–371-сон Фармони билан ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ–4958-сон “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ОАК фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизими жорий этилди.


ОАКнинг асосий вазифалари:

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этиш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу фаолиятни ташкил этиш, назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

диссертация ишларига ҳамда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, бундан буён — PhD), фан доктори (Doctor of Sciences, бундан буён — DSc) илмий даражалари ва илмий унвонлар талабгорларига талабларнинг ягоналигини таъминлаш;

илмий ва илмий-педагог кадрларнинг сифат таркибини яхшилашга, жамият ва давлат эҳтиёжларини, фан, таълим, техника ва технологияларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда илмий ва илмий-педагог кадрлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга кўмаклашиш;

ортиқча бюрократик жараёнларни йўқотишга йўналтирилган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини доимий равишда такомиллаштириш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишнинг барча босқичларида ОАК фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишнинг барча босқичларида холисликни таъминлаш;

фалсафа доктори (PhD), фан доктори (DSc) илмий даражалари ва илмий унвонларга қўйиладиган малака талабларининг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш.


 ОАКнинг ҳуқуқлари:

Фанлар академияси, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлардан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва материалларни белгиланган тартибда олиш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича давлатлараро музокараларда иштирок этиш;

эксперт кенгашларнинг қарорлари асосида фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини бериш бўйича бир марталик илмий кенгашлар ташкил этиш ва уларнинг ишини назорат қилиш;

ОАК Раёсати мажлисларида иш тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш мақсадида илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ва эксперт кенгашлар раисларининг ҳисоботларини эшитиш;

диссертация ишларини илмий экспертизадан ўтказиш ва илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини текшириш учун юқори малакали мутахассисларни жалб этиш. Илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар фаолиятини текширишда қатнашиш, оппонент ва тақризчи функцияларини бажариш даврида жалб этиладиган олимлар ва мутахассислар доимий иш жойларидаги иш ҳақи сақланган ҳолда ўз хизмат вазифаларини бажаришдан озод этилади;

малака имтиҳонлари рўйхатини белгилаш ва уларнинг ташкил этилиши ва савиясини назорат қилиш;

илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ишлаб турган ташкилотлардан белгиланган тартибда ҳар йилги ҳисоботларни ҳамда республикада олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш учун вазирликлар ва идоралардан зарур ахборотни олиш;

олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш, диссертация тадқиқотларининг сифати илмий ва амалий аҳамиятини ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун идоралараро кенгашларни белгиланган тартибда чақириш;

ўзига юкланган вазифалар ва функциялар доирасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, кенгашлар, конференциялар ишида қатнашиш;

диссертацияларга қўйиладиган талабларга мувофиқ фан ва иқтисодиёт тармоқлари учун аҳамияти юзасидан қўшимча хулоса олиш мақсадида диссертация ишларини зарур ҳолларда илмий даражалар берувчи илмий кенгашларга юбориш;

олий таълим муассасалари ёки илмий-тадқиқот муассасалари илмий ва тегишли кенгашларининг тавсияларига биноан олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни илмий даражалар ва илмий унвонлардан белгиланган тартибда маҳрум қилиш ёки уларни тиклаш.

Шунингдек, ОАК ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилиш ҳуқуқига эга.

ОАК зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни чиқариш ҳуқуқига эга.


 ОАК фаолиятини ташкил этиш:

ОАКнинг аппарати унинг ижро этувчи органи ҳисобланади, ОАК аппаратининг тузилмаси ва ходимларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Раёсат ОАКнинг раҳбарлик қилувчи ижро этувчи органи ҳисобланади. Раёсатнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Раёсат ишига ОАК раиси раҳбарлик қилади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни аттестациядан ўтказишга тааллуқли аттестация ишлари ва бошқа ҳужжатлар бўйича қабул қилинган қарорларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида, шунингдек ОАК фаолиятининг коллегиал қарорни ва унинг бажарилиши юзасидан назоратни талаб этадиган жорий масалаларини кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун ОАК раиси, бош илмий котиб, илмий йўналишлар бўйича бош инспекторлар, шунингдек ОАК бўлимлари бошлиқларидан иборат таркибда ОАКнинг Тартиб-қоида комиссияси ташкил этилади.

Тақдим этилган диссертацияларни илмий экспертизадан ўтказиш, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар ишини ва аттестация ўтказишда талабларнинг ягоналиги таъминланишини назорат қилиш, илмий даражалар ва илмий унвонлар бериш тўғрисидаги тақдимномаларни кўриб чиқиш, шунингдек OAK Раёсатига тавсиялар тайёрлаш учун фан, техника, таълим ва маданият соҳаларидаги етакчи олимлар ва мутахассислардан фан йўналишлари бўйича эксперт кенгашлари ташкил этилади.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида ОАК фаолияти масалалари ОАК веб-сайтида ва «ОАК Бюллетени» журналида ёритилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish